МОДЕРНИЗАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИНИНГ САМАРАСИ
27.01.2016
2766
МОДЕРНИЗАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИНИНГ САМАРАСИ
ёки фаолияти қайта тикланиб, ўз эгасини топаётган корхоналар ҳақида
Жаҳонда ҳанузгача давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида мамлакатимиз реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, уларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш орқали иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 4053-сонли Фармонига асосан республикамиз тижорат банклари ҳам ушбу жараёнга инвестициялар киритиш орқали фаол иштирок этиб келмоқдалар.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда зарур ресурс ва имкониятларини сафарбар этиб келмоқда.
Хусусан, ўтган даврда Миллий банк балансига иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ҳисобланган енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, меҳмонхона хизматлари соҳалари таркибига кирувчи 68 та иқтисодий ночор корхона мол-мулки қабул қилинган.
Ушбу корхоналар фаолиятини қисқа муддатларда қайта тиклаб, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида уларга ўз соҳаси бўйича тажрибали менежерлар, шу жумладан хориждан мутахассислар жалб этилиб, банк инвестициялари ҳисобига корхоналарда зарур таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди ҳамда жисмонан ва маънан эскирган ускуналар ўрнига дунёнинг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий юқори самарали технологик жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди.
Миллий банк балансига олинган корхоналар фаолияти қайта тикланиб, уларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги ўз навбатида инвестицион жозибардорлигини оширди ва инвесторлар диққатини тортмасдан қолмади. Натижада, бугунги кунга келиб банк томонидан 60 та корхона, шундан жорий йилда 20 та корхона янги инвестор мулкдорларга сотилди.
Шу ўринда, банк балансига олинган корхоналарнинг ўз эгасини топишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 мартдаги “Тижорат банкларининг инвестиция фаолиятини рағбатлантиришга ва банклар томонидан корхоналарни янги инвесторларга сотишни жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 71-сонли қарори билан жорий қилинган фаолияти тикланган корхоналарни сотиш бўйича имтиёзларнинг аҳамияти катта бўлмокда.
Музаффар Зухритдинов,
“Art Tekstil Capital” МЧЖ раҳбари
(Миллий банк балансидаги “Тўйтепа текстиль”
корхонасини сотиб олган янги инвестор)
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва яратилаётган қулайликлар биз тадбиркорлар учун янада кенг имкониятлар очиб бермоқда. Бу борада банкларимизнинг ҳам ёрдами катта бўлаётганини қайд этиб ўтиш зарур.
Республикамизда қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида Миллий банк балансига кўплаб иқтисодий ночор корхоналар қаторида Тошкент вилоятида жойлашган “Тўйтепа текстиль” МЧЖ корхонаси ҳам олинган.
Миллий банк томонидан киритилган инвестициялар ҳисобига корхонада барқарор ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги ҳамда корхона маҳсулотлари сифати хорижий харидорларга маъқул келаётганлиги, шунингдек Ҳукуматимиз томонидан инвесторлар учун берилган солиқ имтиёзлари ва бошқа қатор қулайликлар корхонани сотиб олишимизга катта туртки бўлди.
Ўз навбатида, “Тўйтепа текстиль” МЧЖни сотиб олганимиздан сўнг корхона ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириб, маҳсулот таннархини пасайтириш мақсадида корхонага 11 млрд. сўм миқдорида сармоя киритиш ҳисобига Германия, Швейцария ва Туркия давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий, юқори унумдорли технологик ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Натижада, корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кунлик 22 тоннадан 35 тоннага етказилди ҳамда 600 га яқин қўшимча иш ўринлари ташкил этилди.
Биз “Тўйтепа текстиль” МЧЖ корхонасига келажакда ҳам қўшимча инвестициялар киритиб, корхона қувватларини янада ошириш ва янги иш ўринлари ташкил этишни режалаштирмоқдамиз.
Миллий банк матбуот хизмати